Линклар

Шошилинч хабар
07 июн 2025, Тошкент вақти: 16:10

Мирзиёев ва Толиблар. Қачон ва қандай тан олинади?


Абдулазиз Комилов Толиблар раҳбарларидан бири Мулла Бародар билан Ўзбекистонда, 2019 йил.
Абдулазиз Комилов Толиблар раҳбарларидан бири Мулла Бародар билан Ўзбекистонда, 2019 йил.

“Ўзбекистон вақти-соати келганда Толиблар ҳокимиятини тан олади”.

“Марказий Осиё+” форматида 10дан ортиқ ҳамкорлик бор ва шу форматда ишлаш давом этади”.

Бу гапларни Ўзбекистон президенти ҳузуридаги хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари, давлат раҳбарининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов айтди.

Комилов, марҳум президент Ислом Каримов даврида ҳам узоқ йиллар Ўзбекистон ташқи сиёсатини бошқарган раҳбарлардан бири бўлган. У кейинги йилларда Марказий Осиё давлатлари бирлиги ҳақида кўп чиқиш қилмоқда.

Аксар таҳлилчилар, аслида Марказий Осиё ҳукуматлари том маънода бирлашмас экан, бундай форматлар на минтақа ташқи сиёсати ва на минтақавий интеграцияда натижа бериши мумкин, деган хулосада.

Президент ҳузуридаги хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари, давлат раҳбарининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов билан интервью Сенатнинг YouTube каналида эълон қилинди.

77 яшар Комилов, танаффуслар билан қарийб 20 йил - 1994-2003 ва 2012-2022 йилларда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири бўлган.

Ўтган ҳафта берган интервьюсида Комилов “Толиблар” ҳокимияти, Тошкентнинг Россия ва Ғарбга доир сиёсати, Украинадаги уруш ҳамда минтақавий ҳамкорлик ҳақида гапирди.

Жумладан, афғонлар билан руҳан яқинмиз, 40 йилдан ортиқ урушдан боши чиқмаган бу халқни қўллаб тўғри қилган эканмиз, деди:

“Бизнинг ҳозирги ҳамкорлигимизда гап тан олиш ёки олмасликда эмас. Албатта, вақти-соати келганида, тан оламиз, бошқа йўл йўқ. Тан оламиз. Лекин мана шу қадамларни биргаликда ташлашга, халқаро ҳамжамият билан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан биргаликда тан олишга ҳаракат қиламиз".

Комилов ўз фикрига далил сифатида тарихдан мисол ҳам келтириб, Ясир Арафатни тилга олди:

“Ясир Арафатни биринчи рақамли террорчига чиқариб қўйишди. Вақт ўтди, Арафат БМТ га келди. Ундан кейин мулоқотлар бўлди, Исроил билан алоқалар бўлди. Шундан кейин Ясир Арафат, Исроил бош вазири, Исроил ташқи ишлар вазири - ҳаммаси тинчлик учун Нобел мукофотига сазовор бўлди”.

Айни пайтда, Комилов Толибларнинг қурол билан Афғонистон ҳокимиятини эгаллагани ва ҳозирда афғон халқи, айниқса аёл-қизларнинг ҳуқуқларини топтаётганига тўхталмади.

Бундан ташқари, Комилов “Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатига чизгилар” деб тақдим қилинган бу интервьюда Украинадаги уруш ҳақида гапирди.

Гарчи Украина, деган жумлани қўлламаган бўлсада, у постсовет ҳудудидаги урушлар, дея Россиянинг Украинага босқини ва ундан кейин ушбу ҳудудда юзага келган вазиятни тилга олди.

Сўнгра, 2016-2017 йилларда Марказий Осиё ҳам шундай тўқнашувлар остонасида турган эди, деган хулосасини тилга олди:

“Узоққа бормайлик, собиқ совет иттифоқи ҳудудида Иккинчи жаҳон урушидан кейин ҳеч бунақа катта, ҳарбий тўқнашув бўлмаганди. Шундай кескинлашган дунёда замонавий қуролларнинг ҳаммаси ишлатиляпти. Ҳар ҳафта минг-минг одам ўлиб кетяпти. Битта савол туғилади: мана шу тўқнашувлар, қарама-қаршиликлар кимлар орасида содир бўляпти? Аксарияти қўшни давлатлар орасида. Ўзимизнинг вазиятни бир эслаб ўтмоқчи эдим. 2016-2017 йилларда биз қўшни давлатлар билан алоқалар кескинлашиб кетганда, шу хавфли нуқтага тақалдик. Агар мана шу вазият ўша шаклда давом этганида, ҳарбий тўқнашув ҳам турган гап эди. Шуни инобатга олиб, Шавкат Мирзиёев президентликка келганларида Марказий Осиё - ташқи сиёсатда бизнинг устувор йўналишимиз бўлади, деб белгилади”.

Россиянинг 2022 йил февралда Украинага бошлаган босқини ҳақида Ўзбекистоннинг биринчи ва ягона жиддий баёнотини айнан Абулазиз Комилов ўқиб эшиттирганди.

2022 йил 17 март куни мамлакат парламентида Ўзбекистон “Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олиши”, “Донецк ҳамда Луганцк халқ республикаларини тан олмаслиги”ни очиқ айтган эди.

Шу баёнотдан сўнг у ташқи ишлар вазири лавозимидан озод этилди. Ўшанда Комиловнинг вазирликдан ошиғич равишда бўшатилиши сабаби расман очиқланмаган бўлса-да, кузатувчилар буни Кремлнинг Тошкентга босими, деб қабул қилган эди.

Вазирликдан кетган сиёсатчи бир муддат Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари лавозимида ишлади. Аммо, 2022 йил 16 июнидан - яъни бир неча ой ўтиб, Ўзбекистон президенти ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили вазифасига тайинланди.

Сўнгги чиқишларида у Марказий Осиёда бирлик масаласига кўп урғу бермоқда. Ҳатто, Комилов таъбирида бу минтақа - Шавкат Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистонига ҳамоҳанг - Янги Марказий Осиёга айланган.

“Тарихда биринчи марта Марказий Осиё давлатлари ягона субъект бўлиб, ўзларининг янги мавқеини намойиш қиляпти, бу мавқени халқаро ҳамжамият тан оляпти ва мана шу асосда янги форматлар пайдо бўляпти. Бугунги кунда «Марказий Осиё+» форматларининг сони ўндан ошди. Йирик давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан мана шу формат бор. Яқинда Самарқандда «Европа Иттифоқи + Марказий Осиё» саммити жуда самарали ўтди. Натижада стратегик ҳамкорлик декларацияси қабул қилинди. Марказий Осиё давлатларининг сиёсати – жуда прагматик сиёсат”, деди Комилов.

Гарчи Абдулазиз Комилов бу интервьюсида узоқ гапирган бўлсада, Ўзбекистон ҳукумати ташқи сиёсатига доир аниқ ишлар, режаларга тўхталмади.

Жумладан, Толибларни бир кун тан олармиз, деркан бу тахминан қачон ва қандай бўлиши ҳақида конкрет маълумот бермади.

Марказий Осиёда бирлик деркан, бу бирлашиш йўлида қандай ишлар қилиняпти ва муайян вақт ичида ўзаро интеграцияга доир аниқ режалар ҳақида ҳам тўхталмади.

Қолаверса, постсовет ҳудудида хавфсизлик ва тинчлик ҳақида гапираркан, Украина уруши борасида расмий Тошкентнинг нейтрал позицияси ўзгарадими, жилла қурса Киев билан ҳамкорлик тикланадими ёки фақат Москва билан ҳамкорликда давом этиладими - Комилов бу ҳақда ҳам гапирмади.

Ўзбекистон Ташқи сиёсатига кўп йиллардан бери раҳбарлик қилаётган Абдулазиз Комиловга кўра, ҳозир Ўзбекистон “Марказий Осиё+” форматидаги 10дан ортиқ ҳамкорлик келишувларига кирган.

Аммо, аксар таҳлилчилар Марказий Осиё минтақаси мустақилликка эришган 1990 йиллар бошидан бери у ёки бу шаклда кун тартибига чиқаётган бу форматлар на минтақа, на ташқи сиёсатда сезиларли натижа бермаган, деган хулосани илгари сурмоқда.

“Бу форматлар нормал, оптимал форматлар. Лекин, бу форматларни тўлдириш керак. Мана ҳозир кўряпмиз, Европа Иттифоқи, Япония, Жанубий Корея, Германия, Италия бу форматни қандайдик ҳаракатлар билан тўлдирмоқчи. Албатта бу ерда тўсқинликлар бор. Айтганимиздек, Россия бунга қарши босим қиляпти. Минтақа раҳбарлари Хитойга ёқиб, унинг ҳам кўнглини олишни истаяпти. Яъни, бу ерда ҳамма нарса МО ҳукуматларига боғлиқ. Булар ҳам ҳам ўзларини мустақил бир давлатдек тутмаяпти, назаримда”, деди сиёсий таҳлилчи Анвар Назир.

Анвар Назир каби таҳлилчилар минтақада барқарор иқтисодий ва сиёсий ривожланиш биринчи галда МО давлатлари том маънода бирлашгандагина реалликка айланади, деган фикрда.

Жамоатчилик бу борада 2023 йилнинг 29 сентябрида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Россияда президент Путин бошчилигида ўтган тадбирда берган баёнотни хотирламоқда.

Ўшанда Раҳмон бу форматлар ахборот олиш ёки ахборотни суғуриб олишдан бошқа ишга ярамаяпти, деганди:

“Бунақа бешликлар бизнинг бўғзимизгача келган. Фақат гап, фақат маълумот олиш ёки маълумотни суғуриб олиш ҳақидаги маълумотлар - томоша, ҳеч қандай самараси йўқ. Америка+Марказий Осиё, Жанубий Корея+Марказий Осиё, Япония+Марказий Осиё, яқинда Покистон ҳам Марказий Осиё билан бўлади, Ҳиндистон Марказий Осиё билан. Яна ким қолди?!”

Гарчи Эмомали Раҳмон ўзи тилга олган бу масала ва бу баёнотга қайтмаган бўлсада, уни жаҳл билан эшитган президент Путин ҳукумати минтақани Кремл назоратида ушлаб туришга қаратилган сиёсатидан узоқлашгани йўқ.

"Марказий Осиё+" форматлари кейинги 2 ой ичида Ўзбекистон, аниқроғи Самарқандда кетма-кет кун тартибига қўйилди.

Жорий йил 2-3 апрель куни Самарқандда "Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё" давлатлари илк саммити бўлиб ўтди.

Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен минтақа давлатлари билан иккитомонлама ҳамкорликка оид қатор ҳужжатларни имзолади.

Бу саммит пайтида АҚШ президенти Дональд Трамп бутун дунёга эълон қилган тарифлар уруши МО+ЕИ форматидаги мулоқотларни гўёки изчиллаштиргандай ҳам бўлди.

“АҚШ томонидан эълон қилинган универсал тарифлар бутун дунё бўйлаб бизнес ва истеъмолчиларга катта зарба бўлди. Европа жавоб беришга тайёр. Биз ҳар доим ўз манфаатларимиз ва қадриятларимизни ҳимоя қиламиз. Биз шунингдек, мулоқот қилишга тайёрмиз ва низодан музокараларга ўтишга тайёрмиз”, деди ўшанда Еврокомиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен.

АҚШ президенти Трамп,12 мартда Европа иттифоқидан 28 миллиард долларлик пўлат ва алюминий импортига 25 фоизлик бож эълон қилганди. Кейинчалик бу божлар бекор қилинган бўлсада, АҚШ ва Европа иттифоқи ўртасидаги муносабатларда кучли айирилишга туртки бўлди.

Бу айрилиш эса ЕИни Марказий Осиё томон турткилаган сабабларни янада кучайтирди.

Бу эса Кремлга ёқмади ва натижада апрел охирида Россия Ташқи ишлар вазири Самарқандга бориб, Ғарб давлатларини минтақа ички ишларига аралашишда айблади ва “МО+Россия” формати ҳақида салкам ярим соатлик чиқиш қилди.

Хусусан, Марказий Осиё раҳбарлари "Марказий Осиё+" формати ҳақида гап борганда, Россияни маъқул кўришини бизга билдиряпти, қабилида баёнот берди:

“Лекин Марказий Осиёнинг айрим ҳамкорлари, биринчи навбатда, Ғарб давлатлари Марказий Осиё давлатларининг ҳукумат тузилмаларига, жумладан, чегара, статистика ва божхона иши каби нозик соҳаларга кўпроқ кириб боришга қаратилган дастурларга маблағ ажратиш орқали ўзаро манфаатли лойиҳаларни таклиф қилиб қолмай, ўз манфаатларини илгари суришга ҳаракат қилмоқда. Шунинг учун биз Марказий Осиё ва ташқи ҳамкорлар ўртасидаги ҳамкорлик жараёнларини (нарсаларни ўз номи билан атасак) ички ишларга аралашишга бўлган бундай очиқдан-очиқ уринишлардан озод қилиш тарафдоримиз. Биз ҳеч қачон ҳеч ким билан бундай қила олмаймиз”.

Ўзбекистон ва Епропа иттифоқи ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 6,4 миллиард долларга етган, Ўзбекистонда Европа капитали ҳисобига мингдан ортиқ корхона ишлаётгани айтилади. Европа билан инвестиция лойиҳалари ҳажми эса 30 миллиард еврога етгани айтилади.

Яъни, иқтисодчиларга кўра, “МО+” форматидаги ҳамкорликлар орасида энг самарали ва нисбатан барқарори айнан Европа давлатлари билан бўлиши мумкин.

Марказий Осиё минтақаси 1990 йиллар бошида бирин-кетин собиқ совет иттифоқидан ажралиб, мустақил бўлгач, бу минтақага Ғарб ва Шарқдан турли давлатлар ҳамда улар билан бирга турли геосиёсий манфаатлар ҳам кириб кела бошлади.

Илк тилга олинган формат эса “С5+1”, яъни Марказий Осиёнинг 5 республикаси ҳамда АҚШ ҳамкорлиги эди.

“Ўша вақтда АҚШдаги сиёсий экспертлар “Катта Шарқий Осиё”, “Катта Марказий Осиё” каби лойиҳаларни илгари сурган ва улар Афғонистонни ҳам Марказий Осиёга қўшишни таклиф қилганди. Ўша пайтда минтақа сиёсий элиталарига бу гап ёқмаган. Аммо, ҳозир вазият ўзгарди. 2014 - 2015 йилдан бошлаб, Вашингтон МОдаги сиёсатини Москва билан мувофиқлаштиришни бас қилди ва минтақа билан тўғридан-тўғри мулоқотни бошлади. Бу Марказий Осиё ҳукуматларига мустақил ҳамкорлик ва иттифоқлар тузиши учун яхши стимул бўлди”, дея хотирлайди сиёсий таҳлилчи Рафаэл Сатторов.

Марказий Осиё 80 миллиондан ортиқ истеъмолчига эга истиқболли бозор ҳисобланади.

Бу минтақада жаҳон нефть ва газ захираларининг 7 фоизи ҳамда шу кунда муҳим бўлиб турган литий, уран каби нодир металларнинг катта захираси бор, айрим металлар дунёдаги жами захиранинг 5,2 фоиздан 38,6 фоизгача бўлган миқдорни ташкил этади.

Шу боис, аксар сиёсий таҳлилчилар, сиёсий мулоқот ўлароқ “МО+” форматидаги ҳамкорлик жуда ўринли, деган фикрда. Аммо, бунинг қарийб 30 йилдирки иш бермаётгани асл сабаби минтақадаги беш республикани бирлаштиришдан кўра, айирадиган муаммоларнинг кўплиги, деган қараш бор.

Ўзбекистонда 2016 йилда Ислом Каримов вафот этгач, унинг ўрнига президентликка келган Шавкат Мирзиёев - ташқи сиёсатдаги қилган илк қадам сифатида - минтақадаги тўрт қўшни республика билан чегараларни очганди.

Минтақадаги қўшни халқлар билан эркин қатнов ва эркин савдо йўлга қўйилганди. Ўшанда бу минтақада ҳам кичик ЕИ пайдо бўлишига ишонганлар бўлган. Аммо, Мирзиёев президентлигининг учинчи муддати ўтмоқдаки, бундай бирликдан дарак йўқ.

Аксинча, ўз халқига чегарадан божсиз олиб кириш мумкин бўлган товар-муҳсулотлар ҳажмини чеклаш билан Мирзиёев расман Ўзбекистон чегараларини ихота қилган Ислом Каримов даврига қайтгандек бўлди.


Форум

XS
SM
MD
LG